Девонабобо зиёратгоҳи
«ДЕВОНА БОБО»
Уйчи туманининг Гумбаз маҳалласида «Девона бобо» (Девона бува) зиёрат маскани бор. -Аллоҳнинг зикри билан муттасил машғул бўлган ва кароматгўй инсонлар «девона» деб аталган. Девона бобо номи билан машҳур бўлган ўтмишдошимиз Абдураҳим Салимбой сўфи ўғли Аҳмад Яссавий авлодидан бўлиб, бундан 300 йил муқаддам Чимкент вилоятининг Сайрам қишлоғи (айрим манбаларда Тошкент)да дунёга келган,- дейди бу табаррук жой ҳақида суҳбатдошимиз – Девона бобонинг олтинчи фарзанди Мирзаёқуб эшоннинг тўртинчи авлоди Ёқубжон Юсупов.Сайрамлик мулла қўлида хат-савод чиқарган Абдураҳим 16 ёшида Тошкентга келиб, Кўкалдош мадрасасида таълим олади. Отаси Салимбой наманганлик эшон Хўжа Амин билан борди-келдиси бўлганлиги учун ўғли Абдураҳимнинг Наманганга боришини ва эшон бувага мурид бўлишини буюради. Ота хоҳишини муқаддас деб билган Абдураҳим Наманганга йўл олади.Камтар, камгап ва тиришқоқ Абдураҳим бир неча йил Хўжа Амин тарбиясида бўлади, илм эгаллайди, хизмат қилади. Маълум вақт ўтгач, Абдураҳим девона Уйчининг Файзиобод қишлоғига кўчиб келади ва шу ерда муқим яшаб, Амир Темур авлодидан бўлган Ойимча ойимга уйланади ва олти нафар ўғил фарзанд кўрадилар. Девона бобо қишлоқни обод қилади, одамларни қўллаб-қувватлайди, ўз кароматлари билан беморларни даволайди, ҳожатмандларга ёрдам беради. Қишлоқда сув танқис бўлгани сабабли Девона бобо сув излаб, Чортоқ сари йўл олади. Чортоқда у кишига бир нуроний (ривоятларда Ҳазрати Хизр) учраб, бобонинг ниятларини билгач: «Сиз қишлоғингизга сирт (текис) ерлардан юриб бораверинг. Сув ортингиздан боради», -дейди. Чиндан ҳам, Девона бобо ортидан қишлоққа сув оқиб келган экан. Бу ҳозирги Файзиобод ариғидир.Айтишларига кўра, кунларнинг бирида Абдураҳим бобо туш кўради. Тушида улуғ зотлардан бири унга бир илмгоҳ бино қуришини, толиби илмлар у ерда илм ўрганишлари лозимлигини айтади ва ҳозирги зиёратгоҳ бинолари қурилади. Мажмуа ичида масжид, мадраса, чиллахона ва мезана-минора жойлашган. Мажмуа узоқ йиллар фаолият кўрсатган. Собиқ тузум даврида «Дин афюндир», шиори остида мажмуага «диний объект», -деб баҳо берилади ва бузиб ташланади. Аммо айрим маърифатпарвар инсонлар ва инсофли раҳбарлар саъй-ҳаракатлари билан мажмуа асоси – Девона бобо ва авлоди қабрлари сақланиб қолган. Тадқиқотларга кўра, мазкур биноларнинг қурилиш услуби ва безаклари XVI-XVII асрларга хос экан.Абдураҳим Девона бобо гумбази ва мақбараси тарихий ёдгорликдир. Бу жой 1981-85 йилларда маърифатпарвар инсонлар Зиёвиддин Хўжаев ва Зокиржон Қутбиддиновлар ташаббуси билан таъмирланди. 1990 йил масжид қурилди. Абдураҳим девона гумбази (халқ тилида «Девона бува мақбараси») маҳалланинг кўрки, у республика тарихий ёдгорликлари рўйхатига киритилган.Гумбаз маҳалласи ҳудудида ҳозирда 685 та хонадонда 4200 нафар аҳоли истиқомат қилади.Наманган вилояти ҳокимининг 2018 йил 30 июндаги 285-ф-сонли фармойиши билан “Девона бобо” зиёратгоҳига 214 млн. сўм, 2020 йилда эса 788 млн. сўм, жами 1002 млн. сўм маблағ ажратилган бўлиб, бугунги кунда ушбу маблағлар тўлиқ ўзлаштирилган. Бош меъмор Муҳибилло Қосимовнинг таъкидлашича, “Уйчи пардоз” хусусий корхонасининг қўли гул усталари томонидан мақбара асл ҳолати сақлаб қолинган ҳолда миллий услубда қайта таъмирланмоқда.Умумий майдони 1,40 гектар жойни эгаллаган мазкур зиёратгоҳга ҳамоҳанг равишда жоме масжиди қурилиши ҳам давом этмоқда. Бу ерда бир вақтнинг ўзида беш мингдан ортиқ намозхон ибодат қилиши имкони яратилади. Уйчи туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
Даҳиякота зиёратгоҳи
ДАҲЯК ОТА (яшаган даври номаълум) – у киши ҳақида турли-туман ривоятлар мавжуд. Чунончи, йигитлик чоғи илм олиш орзусида Бухорога боради ва иштиёқи, зеҳни ўткирлиги билан устозлари назарига тушади. Даҳяк ота мадрасани битиргач, ўзи ўқиган илмгоҳда бир неча ўн йил мударрислик қилади. Эл оғзидаги гапларга қараганда, Даҳяк ҳазратнинг исми эмас, тахаллуси ёки рутбаси. Даҳяк форсий сўз бўлиб, ўндан бир деган маънони англатади. Тарихан таомил шундай бўлганки, вақфлар даромадининг ўндан бири пешқадам талабалар эҳтиёжи учун ажратилган. Бу мукофот бўлиб, унга эришиш учун талаба ўқув дастуридаги фанларни чуқур ўзлаштириши, имтиҳонда устозлар эътирофига сазовор бўлиши шарт. Садриддин Айний “Эсдаликлар” асарида ёзишича, даҳяк билан тақдирлаш маросими ҳар йили Наврўз тантаналарига уйғун тарзда амалга оиширилган. Адиб таъкидлайдики, Бухоро аркида барча мадрасалардан тавсия этилган минг нафар пешқадам талабанинг ҳар бирига 120 тангадан мукофот топширилар экан. Ана шундай ёшлар ҳамсабоқлари орасида даҳякчи аталган. Демак, Даҳяк ота ҳам илмга ташналиги ва истеъдоди билан айни юксак эътиборга муносиб кўрилган ва ўқиш давомида йилига маълум миқдордаги маблағ билан сийланган. Даҳяк ота кексайиб, мударрислик хизматидан истеъфога чиққач, Жийдакапага (Уйчи тумани) қайтиб келган. У зотнинг қабри Жийдакапа ва Қурама қишлоқларига туташ манзилда бўлиб, ихлосмандлар қадами узилмайдиган хушманзара зиёратгоҳдир. Айни манзилда Даҳяк ота номли масжид ҳам бўлган. Уни қишлоқ мулкдорларидан ҳотамфеъл Муҳаммад Розиқбой (Марозиқбой) 1883 йили қурдирган. Масжиднинг нақшинкор устунлари Қўқондан келтирилгани ҳақида оғзаки маълумотлар бор. Таъкидланганидек, у киши тўғрисида ҳар хил ривоятлар яралган. Жумладан, бир гал намоз пайтига яқин дамда тошқин дарё хуружга келиб, масжидга ўтиш мушкул бўлади. Шунда Даҳяк ота ёки жамоат сувни олислатишни Аллоҳдан ёлвориб сўрайдилар. Дуо ижобат бўлиб, дарё нари кетибди ва ўша-ўша у Нарин – Норин номини олибди.
📖 «Ғазнаи Намангон»© Рустамжон Умматов