Халқ депутатлари Уйчи туман Кенгаши Коррупцияга қарши курашиш ва хавфсизликни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссия раиси Р.Назарованинг брифингга тайёрлаган ҳисоботи.
Ассалому алайкум, ҳурматли брифинг иштирокчилари!
Коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланди. Буни сўнгги йилларда соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупциянинг олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Президентимизнинг “Жамиятни «ҳалоллик вакцинаси билан эмлаш» зарурияти” ҳақидаги фикрлари бу борадаги ишларга қўйилган тамал тоши десак, асло муболаға бўлмайди. Зеро, Юртбошимиз 2020 йилнинг 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган Мурожаатномасида таъкидлаганидек, «Жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди». Коррупция –бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.
Халқ депутатлари Уйчи туман Кенгаши Коррупцияга қарши курашиш ва хавфсизликни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси жорий йил учун 12 банддан иборат тадбирлар режасини белгилаб олган. Бунда асосий эътибор ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар, туманда “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастури, автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш доирасида амалга оширилаётган ишлар, ҳар бир соҳа бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни аҳолига етказиш, бунда, ОАВлардан, интернет тармоғидан фойдаланиш ҳолатларини ўрганиш ва натижаларини муҳокама этиш, тумандаги давлат органлари фаолиятида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунига риоя этилиши йўналишларга қаратилган.Жорий йилнинг ўтган даврида комиссиямиз томонидан туман Ички ишлар бўлими, туман прокуратураси, Адлия бўлими, мажбурий ижро бўлими, Халқ қабулхонаси ва бошқа давлат ташкилотлари фаолияти бўйича ҳисоботлари доимий комиссияда ҳамда Халқ депутатлари Кенгаши Сессияларида муҳокама қилиниб, ҳисоботи эшитилди, тегишлича қарорлар қабул қилиниб “E.kengash” платформаси орқали аҳолига етказиш чоралари кўрилди. Бундан ташқари Халқ депутатлари туман Кенгаши сессиялари тўғридан тўғри эфир орқали узатилиб, сессия материаллари туман рўзномаси ва туман интернет саҳифаларида кузатиб бориш имконияти яратилмоқда.
Жорий йил 5 март куни Президентмиз раислигида коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида ислоҳотлар ҳал қилувчи босқичга кираётган ҳозирги вақтда юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича ишларга баҳо бериб, келгуси вазифаларни аниқ белгилаб олиш зарурлигини таъкидладилар.
Коррупцияни таг-томири билан қуритиш учун аввало инсон омили ва қоғозбозликни камайтиришга алоҳида эътибор қаратилгани айтиб ўтилди. "Коррупцияга қарши курашда барчамиз ягона куч бўлиб ҳаракат қилсак, албатта, янада катта ижобий самарага эришамиз.Шу боис, маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар, санъат ва маданият ходимлари, тадбиркорлар, таниқли шахслар, раҳбарлар, депутат ва сенаторлар – умуман бутун жамоатчилик бирлашиб, коррупцияга “жамият танасидаги саратон” сифатида қарашимиз керак.
Халқ депутатлари Уйчи туман Кенгаши Коррупцияга қарши курашиш ва хавфсизликни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси ҳам келгусидаги фаолиятида бунга алоҳида эътибор қаратади ва барча ҳамюртларимизни фаолликка, ҳамкорликка чақиради.
Эътиборингиз учун раҳмат!