Ассалому алайкум, ҳурматли брифинг иштирокчилари!
Сўнгги йилларда муҳтарам Юртбошимиз томонларидан маданият ва санъат соҳасига ҳам жуда катта эътибор қаратилмоқда. Маданият марказлари тубдан ўзгариб, янги замонавий қиёфа касб этмоқда. Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш, янги Ўзбекистоннинг янги тарихини яратиш, моддий ва номоддий маданий мерос дурдоналарини сақлаш ҳамда тарғиб этиш, халқ оғзаки ижодиёти, ҳаваскорлик санъатини янада оммалаштириш, юртимизни жаҳон маданий маконига фаол интеграциялашувини таъминлаш, маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда Уйчи туманида 6 та маданият маркази, 1 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 1 та кўзи ожизлар махсус кутубхонаси ҳамда 1 та маданият ва истироҳат боғи фаолият кўрсатмоқда. Туман маданият бўлими ходимлари ҳам туманимиз ва вилоятимиз аҳолисини маданий эҳтиёжлари, қизиқишларидан келиб чиқиб, хизмат кўрсатишмоқда.
Маданият бўлими тизимидаги маданият марказлари 56 та маҳалла фуқаролар йиғини қамровида фаолият олиб бормоқда. Унда аҳолини, айниқса, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни миллий ва замонавий мусиқа тўгаракларига жалб этиш, бундан ташқари, тасвирий санъат, қизларимиз учун бичиш-тикиш тўгараклари йўлга қўйилган.
Жорий йилнинг биринчи чорагида туман маданият бўлими томонидан 55 та маданий-маърифий, мусиқий тадбирлар ўтказилди. Унда 10 минг нафардан зиёд аҳоли ва ёшлар қамраб олинди. Маданият марказларидаги тўгараклар сони 18 тани ташкил этиб, уларда 300 нафардан ортиқ санъатга қизиқувчи ҳаваскор ёшлар ва катталар санъат сирларини ўрганмоқда.
Шунингдек, туман маданият бўлими тасарруфида 2 та халқ ҳаваскорлик унвонига эга бўлган “Тарона” ашула ва рақс халқ ансамбли, “Уйчи тонги” фольклор халқ ҳаваскорлик жамоалари, бадиий ҳаваскорлик жамолари ҳамда “Шухрат” медали соҳиби, “Ниҳол” давлат мукофоти совриндорлари туман маданияти ва санъатини ривожлантириш йўлида хизмат қилишмоқда. Ушбу жамоалар ҳар йили мамлакатимизда бўлиб ўтадиган турли халқаро фестиваллар, кўрик-танловлар, Республика миқёсидаги тадбирлар, жумладан, Наврўз ва Мустақиллик умумхалқ байрамларида фаол иштирок этмоқда. Келгусида ўз зиммамизга қўйилган вазифа ва топшириқлардан ташқари, туманимиз худудидан келиб чиқиб, ахоли ва ёшларни миллий маданиятимизга бўлган қизиқишларини орттириш мақсадида бир қанча ташаббусли лойихалар ва тадбирлар ўтказишни режалаштирганмиз.
Ёшларни миллийлик руҳида тарбиялашга чорловчи турли креатив видеоконтентлар тайёрлаб, мунтазам ижтимоий тармоқларда бериб борамиз. Туманимизда яшаб ижод қилган санъаткорлар сулолалари билан уч авлод учрашувларини ўтказиш, маданият марказларида фаолият олиб бораётган тўгараклар ўртасида танловлар ўтказиш шулар жумласидандир.
Эътиборингиз учун раҳмат! Козимжон Нишонов,Уйчи тумани маданият бўлими мудири .