Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 21-моддасида округ сайлдов комиссияларини тузиш тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссия раиси, раис ўринбосари, котибидан ва комиссиянинг саккиз — ўн саккиз нафар бошқа аъзоларидан иборат таркибда тузилади.

Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси эса тегишли вилоят, Тошкент шаҳар сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссия раиси, раис ўринбосари, котибидан ва комиссиянинг олти — саккиз нафар бошқа аъзоларидан иборат таркибда тузилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ва Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқлаш учун тавсия этилади.

Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларининг аъзолари халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг тавсиясига биноан тасдиқланади.

Округ сайлов комиссияси қуйидаги ваколатларга эгадир:

тегишли ҳудудда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ижроси устидан назоратни амалга оширади;

сайлов участкаларини тузади, округ бўйича уларнинг тартиб рақамини белгилайди, манзилини кўрсатган ҳолда уларнинг рўйхатини эълон қилади;

участка сайлов комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;

сайлов участкаларининг жойлашган ери ҳақида сайловчиларни хабардор қилади;

участка сайлов комиссияларини тузади ва уларнинг таркиби ҳақидаги маълумотларни эълон қилади;

номзодларга сайлов кампаниясида иштирок этиш учун тенг шароитларни таъминлайди;

депутатликка номзодларнинг ишончли вакилларини рўйхатга олади ва уларга тегишли гувоҳномалар беради;

сиёсий партиялар, бошқа жамоат бирлашмалари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларининг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотини эшитади;

сайловчилар рўйхатларининг тузилишини ва уларнинг ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилишини кузатиб боради;

сайлов округи бўйича сайлов натижаларини аниқлайди ва уларни тегишинча Марказий сайлов комиссиясига, вилоят, Тошкент шаҳар сайлов комиссиясига тақдим этади;

такрорий овоз бериш ва такрорий сайлов, шунингдек бўшаб қолган ўринларга депутатлар сайлови ўтказилишини ташкил этади;

сайловчиларнинг ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилади, бундан сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар мустаснодир.

Ҳ.Қобилов

Уйчи туман адлия бўлими бошлиғи